Бухорода мол-мулкига қўйилган тақиқни бекор қилиш эвазига 400 доллар пора талаб қилган солиқ инспекторига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ томонидан 2024 йил ноябрь—декабрь ҳамда 2025 йил январь—февраль ойлари учун жамиятнинг айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботи ва даромад солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмагани учун МЧЖ раҳбарига нисбатан Бухоро шаҳар солиқ инспекцияси томонидан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорга асосан МИБ Бухоро шаҳар бўлими томонидан ижро иши қўзғатилган.
Ўз навбатида, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан эса МЧЖга нисбатан қўлланган жазони бекор қилиш тўғрисида қарор чиқарилган. Аммо Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси шўба бош инспектори суд қарорига асосан МЧЖ раҳбарининг мол-мулкига қўйилган тақиқни бекор қилиш эвазига 400 доллар талаб қилган.
ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда инспектор талаб қилинган пул маблағини олган вақтида ушланган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2025 йилнинг январида Наманган вилояти Поп тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 160 минг доллар олаётганида қўлга тушганди. Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг тезкор бўлинмаси бошлиғи ҳам ноқонуний равишда 7 минг доллар олаётганида ушланганди. Март ойида Қарши шаҳар Солиқ инспекцияси солиқ маъмурчилиги шўбаси бош инспектори 10 млн 400 минг сўм пора олганида қўлга тушганди.
Жиноят кодекси 210-моддасига кўра, пора олиш БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)