Uzbekistan Airways 2019 йилнинг 31 декабридан 2020 йилнинг 2 январига қадар Янги йил байрами нишонланадиган муддатга республика ичидаги авиақатновлар учун чегирмалар эълон қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, байрам чегирмалари:
- Якка йўловчиларга — 30 фоиз;
- Сайёҳлик гуруҳлари (5 кишидан бошлаб), мактаб ўқувчилари, коллеж, лицей ва ОТМлар талабалари, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, ДХХ, ДСҚ, ДБҚ ва бошқа идоралар тизимидаги махсус таълим муассасалари ўқувчилари ва тингловчиларига — 40 фоиз;
- Оилаларга (2 кишидан бошлаб — эр ва хотин; эр, хотин ва уларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари; ота ёки она 18 ёшгача фарзандлари билан) — 50 фоиз;
- Пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган инсонларга — 50 фоиз;
- 1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганлар, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида орден ва медаллар билан тақдирланган шахсларга — 50 фоиз;
- Чернобил АЭС фалокати оқибатларини бартараф этишда иштирок этган шахсларга — 50 фоиз.
Чипталар учун чегирма 2019 йилнинг 31 декабридан 2020 йилнинг 2 январига қадар бўлса-да, Uzbekistan Airways сайтидаги маълумотларга кўра, бу кунларда Тошкентдан Фарғона, Қарши ва Навоий шаҳарларига рейслар умуман режалаштирилмаган. Самарқанд, Бухоро, Термиз ва Наманган шаҳарларига эса фақат 2 январда рейслар бор.
Урганч ва Нукус шаҳарларига эса ҳар куни рейслар режалаштирилган.
Шунингдек, компания сайтида Янги йил чегирмаси эълон қилинган кунлар учун қўчимча рейслар ташкил этилиши ҳақида маълумот берилмаган.