Ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар жорий йилнинг 26 ноябридан 1 декабрига қадар давом этадиган «DigiCon6 Asia Awards—2019» халқаро қисқа метражли фильмлар фестивалида иштирок этиш учун Гонконгга жўнаб кетди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.

Фото: «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати

Осиё бўйича иқтидорли муаллифларни топиш, танитиш ва уларнинг ажойиб ишлари учун рағбатлантириш мақсадида ҳар йили кузда ўтказиб келинадиган «DigiCon6 Asia Awards» мукофотига ўзбекистонлик ёш кино ижодкорларнинг иккита фильми — Шокир Холиқовнинг «Чой» ва Маҳлиё Асқаралиеванинг «Совға»си тақдим этилди. Жами ўзбекистонлик вакиллар етти кишидан иборат.

«Ёш кино ижодкорлар — миллий кинематографиянинг келажаги, шу сабаб уларнинг ижодий маҳорати ошишига катта эътибор қаратиш лозим. Бизнинг иқтидорли йигитлар бундай нуфузли фестивалда Ўзбекистонда ёш кино ижодкорлар учун яратилган шарт-шароитлар ва ўзларининг қобилияти туфайли иштирок этишмоқда», — дейди «Ўзбеккино» раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов.

Фирдавс Абдуҳолиқов, шунингдек, келгусида «Ўзбеккино» ёш кино ижодкорлар маҳоратини ошириш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор лойиҳалар ташкиллаштиришини таъкидлаб ўтди.

«Биз ‘Ўзбеккинў миллий агентлиги қошида ёшлар ижодий маркази ва ёшлар ижодий студиясини ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бундан ташқари, барча керакли ускуналар билан жиҳозланган 150 ўринли ижодий лабораторияни очишни мўлжалладик», — деди «Ўзбеккино» раҳбари.

Шуни қайд этиш керакки, «DigiCon6 Asia»га қатнашадиган давлатлар: Япония, Хитой, Гонконг, Ҳиндистон, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Тайван, Таиланд. Ўзбекистон фестивалда илк маротаба иштирок этмоқда. Япониянинг йирик медиа кинокомпанияси ТБС кинофестиваль ташкилотчиси ҳисобланади.

Маълумот учун, ёш кинорежиссёр Шокир Холиқовнинг «Чой» фильми «Канн» кинофестивалида Гран-прини қўлга киритган эди. Ўшанда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Шокир Холиқовга сервис совға қилган, бу эса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Режиссёрнинг ўзи кейинроқ вазиятга изоҳ бериб, у «Ўзбеккино»дан шикоят қилмагани, шунчаки ижтимоий тармоқдаги саҳифасига сервиснинг суратини қўйиб, агентликка миннатдорлик билдирганини айтиб ўтганди.

Шунингдек, «Чой» фильми Евросиё халқаро кинофестивалида ҳакамларнинг махсус мукофоти номинациясида ғолиб бўлган.