«Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали маълум қилди.
Қарорга мувофиқ, нақд пул тушумига эга тадбиркорлар аҳолидан нақд пулни қабул қилишда Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган графикда белгиланган муддатга қадар онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ихтиёрий, ушбу муддат тугагач мажбурий равишда ўтади.
Қарор билан аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фақат белгиланган тартибда Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланишга рухсат этилади.
Тадбиркорлар Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассаларни мустақил сотиб олиши ҳамда техник хизмат кўрсатиш марказларини ихтиёрий танлаш ҳуқуқига эга.
Онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассалар давлат солиқ хизматлари органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим, рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов ундирилмайди.
Изоҳ (0)