Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь, жума куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Эндиликда қишлоқларда уй-жойлар йўл бўйларида бир қатор қилиб эмас, шаҳар ва туман марказларига туташ ҳудудларда мавзелар шаклида қурилади.
«Натижада туманларни йирик агломерацияга айлантириш мумкин. Бу инфратузилма харажатини камайтиради, аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширади, ердан самарали фойдаланиш имконини беради», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Видеоселектор йиғилишида бундай мавзеларга ер ва кредитлар ажратиш, инфратузилма тармоқларига улаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида жойлардаги раҳбарларга батафсил тушунтириш берилди.
Қишлоқларда ҳам уй-жой қурилиши тизимини ислоҳ қилиш, буюртмачи функциясини «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясидан босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)