Навоий вилоятида босқинчилик жиноятини содир этган уч нафар йигит қўлга олинди, деб хабар бермоқда «Postda.uz».
Қайд этилишича, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган 26 ёшли Ш.А. Учқудуқ туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Шу йилнинг 18 сентябрь куни Шимолий кон бошқармаси тоғ ускуналарини таъмирлаш цехида инженер лавозимида ишлайдиган Ф.Э. ҳамда ҳеч қаерда ишламайдиган 25 ёшли таниши Ф.Ф. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, тумандаги Геологлар кўчасида жойлашган хонадонларнинг бирига бостириб кирган.
Ўша пайтда хонадон эгасининг 9 ёшли фарзанди уйда ёлғиз ўзи бўлган. Босқинчилар боланинг қўлларини боғлаб, уйдаги темир сейфда сақланаётган 26 миллион 500 минг сўм пул ва Samsung русумли уяли телефон аппаратини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган.Ҳолат юзасидан навбатчилик қисмига хабар берилгач, жиноятчиларни қўлга олиш чоралари кўрилган. Олинган тезкор маълумотлар ҳамда кўп қаватли уйлар олдига ўрнатилган видеокузатув ускуналаридаги тасвирлар ёрдамида жиноят икки кун ичида фош этилган.
Таъкидланишича, босқинчилик қилган ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)