Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, вилоят кўз касалликлари шифохонасига Чироқчи тумани Бешчашма маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 103 ёшли Жумагул момо Эшназарова кўзлари хиралашганидан шикоят қилиб мурожаат қилган.
Жумагул момо шифохонада тўлиқ текширувдан ўтказилиб, унга асоратли катаракта ташхиси қўйилди. Олти кунлик амбулатор даволаш тадбирларидан сўнг момонинг кўзлари равшанлашган. Шифокорларнинг қайд этишича, 103 ёшда бундай ҳолат ҳайратланарли ҳодиса ҳисобланади.
Шифокорлар томонидан маълум қилинишича, мутахассислар билан маслаҳатлашиб, келгусида шифохонага келтирилган замонавий факоэмулсификатор ускунаси ёрдамида момонинг кўзларига сунъий гавҳар қўйиш режалаштирилмоқда.
Ёшлигида Катта Фарғона каналини бунёд этишда иштирок этган Жумагул момо ҳали тетик ва бардам. Момо шифокорларга чин дилдан миннатдорлик билдириб, касб байрами билан табриклади, дейилади бошқарма хабарида.
Изоҳ (0)