Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакили Алипаша Аҳмедовнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрининг марказида авария аломатлари мавжуд бўлган уйлар аниқланмаган ва шу сабабли шаҳар марказидаги бирорта ҳам уйда батафсил ўрганиш ишлари кўзда тутилмаган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
12 ноябрь куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан «ОАВ, шунингдек, интернет тармоғида Республика бўйича инвентаризациядан ўтказилган кўп қаватли уйларнинг сейсмик ҳолатини аниқлаш, авария ҳолатидаги кўп қаватли уйларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, «снос» масалаларига оид танқидий материалларга муносабат» мавзусида матбуот анжумани ўтказилган.
Тадбирда маълум қилинишича, уй-жойларни бузиш тўғрисида хулосалар фақат инструментал текширувдан сўнг қабул қилиниши керак, шунинг учун минтақавий лойиҳалаш ташкилотлари томонидан республикадаги 57 та уйни бузиш зарурлиги ҳақидаги маълумотлар ҳозирча асоссиз ҳисобланади.
Андижон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида уйларнинг яроқлилигига доир ўрганиш ишлари якунига етказилган. Ушбу вилоятларда инструментал (батафсил) ўрганишлар натижалари бўйича берилган техник хулосаларга асосан, ўрганишлар ўтказилган жами 87 та уйдан 68 таси капитал таъмирлашга муҳтож, 4 таси реконструкция қилиниши ва 15 та кўп квартирали уй бўйича (Андижон — 3 та, Сирдарё — 8 та ва Самарқанд — 4 та) эса капитал таъмирлаш ёки реконструкция қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.
Изоҳ (0)