Жорий йил январь июнь ойларида 6 мингдан ортиқ ўзбекистонлик шилқимлик ва зўравонлик содир этгани сабаб жазоланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

2025 йил I ярмида Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 986 фуқаро жавобгарликка тортилди. Жазоланганлардан 358 нафарига жарима, 628 нафарига маъмурий қамоқ қўлланилган.
Кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 минг 952 киши маъмурий жазоланган. Шундан 3 минг 200 нафари жаримага тортилиб, 1 минг 752 нафарига маъмурий қамоқ тайинланган.
Олти ой мобайнида Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 231 фуқаро судланган. Судланганлардан 65 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 166 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган.
Шу билан бирга, кодекснинг 141-3-моддаси билан 99 нафар шахс судланган. Бу моддада шахс шаъни, қадр-қимматини камситувчи, инсон ҳаётига оид сирли маълумотларни ошкор қилиш жинояти кўзда тутилган. Мазкур модда асосида судланганлардан 24 нафари озодликдан маҳрум қилинган, 75 нафарига бошқа турдаги жазолар қўлланилган.
Аввалроқ 2025 йил январь июнь ойларида Ўзбекистонда судлар томонидан 204 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилингани билдирилганди.
Изоҳ (0)