Наманганнинг олис ҳудудида жойлашган қишлоқларга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Наманган вилояти бўйлаб ташкил этилаётган сайёр қабуллар доирасида, Янгиқўрғон тумани «Оқтом» маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги очиқ мулоқот тарзидаги аҳоли билан учрашув ўтказилди. Ташриф давомида чегара ҳудудида жойлашган мазкур МФЙдаги 485 та аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонлари тарқатилган.
Қайд этилишича, олис ҳудудда жойлашган бу қишлоқ жойларига суюлтирилган газ баллонлари янги хизмат кўрсатиш автотранспорт воситасида етказиб берилган.
Агар аввалари бундай олис ҳудудларга битта рейс орқали бор-йўғи 106 дона газ баллонларини етказиб бериш имконияти бўлган бўлса, энди бу кўрсаткич уч баробарга кўпайиб, 320 донани ташкил этади.
Бу ишлар «Ҳар бир хонадонга иссиқлик ва ғамхўрлик ила» лойиҳаси доирасида амалга оширилган.
Изоҳ (0)