Қорақалпоғистон республикаси Амударё туманида «Газ 52» русумли юк машинаси, йўл қатнов қисмининг четида ўтирган икки нафар фуқарони уриб юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Аниқланишича, 9 ноябрь куни тахминан соат 02:00 ларда 40 ёшли ҳайдовчи Е.А. «Газ 52» русумли юк машинасини ишончнома орқали Амударё вилояти «Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу» А-380 автомобиль йўлининг 727 километрда бошқариб кетаётиб, йўл қатнов қисмининг ўнг четида ўтирган икки нафар фуқаро 40 ёшли Б.К. ва 39 ёшли К.А. ларни уриб юборган.
Натижада, Б.К. олган тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида, К.А. эса тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётган вақтда вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда Е.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб сўроқ қилинган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тегишли экспертизалар тайинланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туман «Тинчлик» МФЙ ҳудудидан ўтувчи Тўйтепа—Янгийўл йўлининг 52-километрида икки автобус иштирокида юз берган ЙТҲ оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)