Тожикистон—Ўзбекистон чегарасида «Ишқобод» чегара постига ҳужум уюштирган ИШИД террорчиларининг асосий қисми Тожикистоннинг Сўғд вилояти шимолида яшовчи фуқаролар бўлиб чиқди. Бу ҳақда Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Эмомали хабар қилди, деб ёзган Asia-Plus.

Фото: Тожикистон ИИВ матбуот хизмати

«Тожикистон бош прокуратураси чегара постига уюштирилган ҳужум юзасидан жиноят иши очган», — дейди Эмомали. Лекин ИИВ матбуот котиби жиноят ишининг айнан қайси моддалар бўйича очилганига аниқлик киритмади.

Нашрнинг Тожикистон бош прокуратурасидаги манбаси гап «Террорчилик», «Қотиллик» ва «Давлат чегарасини ноқоқнуний бузиб кириш» моддалари ҳақида кетаётгани, тергов давомида бошқа моддалар бўйича айбловлар ҳам қўшилиши мумкинлигини маълум қилган.

5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилгани, тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарчиларнинг автоматлариини эгаллаб олгани, хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилингани ва 5 нафар жангари қўлга олингани маълум қилинган. Жангарилар сўроқ қилинганидан кейин уларнинг Афғонистон ҳудудидан қочиб ўтган ИШИД террорчилари эканлиги аниқланган. Улар Тожикистонга 3 ноябрь куни Афғонистондан Хатлон вилояти орқали кириб келган ва Рудакий туманида 200 километрлик масофани босиб ўтган. Ҳужум уюштирганларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари бўлгани, қўлга олинган ва ҳалок бўлганлар орасида аёллар ҳам борлиги хабар қилинди. Кейинчалик Афғонистон ҳукумати вакиллари ИШИД террорчиларининг мамлакат ҳудудидан Тожикистонга ўтиб 6 ноябрда чегара постига ҳужум уюштирганлигини инкор этди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.