Микротўлқинли печ аллақачон яқин дастёримизга айланиб улгурган. Айниқса, офисда таомни бир зумда иситиб берувчи бу ускуна музлатилган ёки дудланган ярим тайёр маҳсулотлардан тортиб, кеча чойхонада ортиб қолган ошни иситиб ейиш учун энг яқин ёрдамчидир. Лекин ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, микротўлқинли печдан фойдаланиш қанчалик хавфсиз? Ишлаётган микротўлқинли печ қаршисида туриш-чи?

Лўнда айтадиган бўлсак – ҳа, бу хавфсиз. Хавотир олмасангиз ҳам бўлади.

Фото: Google Images

АҚШнинг озиқ-овқат ва тиббий маҳсулотлар устидан санитар назорати бошқармаси (U.S. Food and Drug Administration) эълон қилган ҳисоботга кўра, микротўлқинли печдан фойдаланиш оқибатида одамга зиён етганлик ҳолатлари деярли йўқ даражада кам экан.

Микротўлқинлар – табиатда мавжуд электромагнит тўлқинларнинг бир тури бўлиб, улар фазо бўйлаб тарқаладиган энергия тўлқинларидир. Электромагнит тўлқинлар ҳар хил бўлади: радиотўлқинлардан тортиб, оддий, биз кўра оладиган ёруғлик ва рентген нурлари ҳам электромагнит тўлқин ҳисобланади. Бу тўлқинларнинг хавфли ва хавфсиз турлари бор ва микротўлқинлар айнан бехатар электромагнит тўлқинлар туркумига киради. Худди радиотўлқинлар сингари, микротўлқинлар ҳам ионлашмаган нурланиш бўлиб, физика тили билан айтганда, бундай тўлқин энергияси атомдан электронни уриб чиқариш учун етарли эмас. Демакки, бу тўлқинлар ҳужайраларни ва ДНК занжирини зарарламайди. Рентген нурлари ва гамма-нурлар эса айнан шундай кучга эга. Яъни бу тўлқинлар қаршисида турган одам ҳужайраларидаги атомлар зарарланади.

Шунга қарамай, микротўлқинларни мутлақо безарар деб ҳам бўлмайди. Чунки бундай тўлқинлар сув молекулаларини титрашга мажбур қилади. Титраётган молекулалар эса бир-бирига ишқаланади. Шу ишқаланиш натижасида иссиқлик ҳосил бўлади ва модда қизийди.

Назарий жиҳатдан, микротўлқинлар таомни иситгани сингари одам танасидаги тўқима ва мушакларни ҳам иситиши мумкин. Чунки танамизда сув жуда кўп. Агар микротўлқинлар концентрацияси юқори бўлса, бундан танада куйиш ва катаракта келиб чиқиши эҳтимоли йўқ эмас. Лекин амалиётда бундай жароҳатлар жуда кам учрайди ва шунда ҳам улар, асосан, микротўлқинли печдан нотўғри фойдаланиш натижасида, жуда кўп миқдорда радиация ютилишидан келиб чиқади. Замонавий микротўлқинли печлар ташқарига таъсир қилмайдиган ва тўлқин фақат ичкарига жойланган таомга йўналадиган қилиб ишланмоқда. Агар микротўлқинли печнинг оғзи очиқ қолдирилмаса, ундан кишига зиён етиши имконсиздир. Шунингдек, микротўлқинли печ корпусида ёриқлар пайдо бўлган бўлса ҳам, албатта тўлқинлар ташқарига тарқалади ва узоқ муддат одамга таъсир кўрсатса, зарар етказиши мумкин.

Фото: Google Images

Микротўлқинли печ ишлаб чиқарувчилар олдига қатор хавфсизлик талаблари қўйилган ва улар қатъий қоидалар асосида сертификатланади. Масалан, барча замонавий микротўлқинли печларга эшик очиқ қолдирилганини аниқлаб берувчи датчиклар ўрнатилади ва агар датчик эшик очиқлигини сезса, тўлқин генераторининг ишга тушишига йўл қўймайди. Қолаверса, бундай печларда тўлқинларни ўзаро нейтраллаш (блокировка қилиш) вазифасини бажарувчи, бир-биридан мустақил иккита ёпиқ система қўлланилади. Агар ушбу тизимлардан бири ишдан чиқса, микротўлқинли печ электрон платасига ўрнатилган махсус мантиқий операциялар ишга тушади ва печни умуман ишламайдиган қилиб қўяди.

Демоқчимизки, микротўлқинли печдан фойдаланишда қўрқмаслик керак. Ва, албатта, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш даркор. Хусусан, доим унинг эшигини зич ёпиш, носозлик юзага келганда ундан фойдаланмаслик керак. Сотиб олаётганда ҳам микротўлқинли печнинг арзон, лекин сифати шубҳали бўлган моделларидан эмас, балки сифатига кафолат берадиган ва хавфсизлик сертификатларини очиқ кўрсатадиган фирма дўконларидан олишни тавсия қиламиз. Ҳар ҳолда, саломатликка тааллуқли харид бўлган учун ҳам бу борада эринмаслик керак.

Музаффар Қосимов тайёрлади.