Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида тез ёрдам шифокорларини таҳқирлаган шахслар 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га маълум қилди.
Аввалроқ Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан суриштирув бошлангани, вазият Навоий вилояти прокуратураси назоратида экани ҳақида баёнот берганди.
Хабар берилишича, Учқудуқ тумани маъмурий суди қарорига кўра, 1987 йил Бухоро шаҳрида туғилган К.Ҳ. ва 1991 йил Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида туғилган Э.П. 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Қайд этилишича, мазкур фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг учта моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги сабабли уларга нисбатан жарима ҳам тайинланган. Фуқаро К.Ҳ. муқаддам Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан судланган.
Изоҳ (0)