Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Давлат бюджети бошқармаси томонидан 4 ноябрь, душанба куни «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича семинар ўтказилди. Бу ҳақда палата томонидан хабар берилди.
Мазкур қонун лойиҳасига кўра, давлат бюджети даромадларининг солиқ турлари бўйича харажатларини соҳалар кесимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлар маҳаллий Кенгашлари томонидан қайта-қайта тасдиқланишига барҳам берилади.
Қайд этилишича, шу вақтга қадар маҳаллий ҳокимликлар ўз бюджетини республикадан берилган рақамлар асосида тасдиқлаган. Улар бирор рақамни ўзгартириш ваколатига эга бўлмаган. Маҳаллий Кенгашларда бюджетни қабул қилиш рамзий маънога эга бўлган.
Хабар берилишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида маҳаллий бюджетларнинг даромадларини солиқ турлари бўйича ҳамда харажатларини бюджет ташкилотлари кесимида маҳаллий кенгашлар томонидан белгиланиши ўз аксини топган. Бу орқали халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўзларига тегишли бўлган бюджетни қабул қилишдаги ҳақиқий мустақиллиги таъминланади.
Вазирлик ва идораларнинг бюджетлари Олий Мажлис томонидан тасдиқланиши уларга ажратилган бюджет маблағларининг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади, дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.
Давлат бюджети даромадлари қисмида бўлаётган ўзгаришлар, маҳаллий ҳокимият томонидан иқтисодиётни ривожлантириш орқали солиққа тортиш базасини кенгайтиришга ва бюджетга тушадиган тушумларнинг кўпайтиришга бўлган қизиқишларини оширади. Қарз маблағларини жалб қилиш бўйича чегараларнинг ўрнатилиши ушбу маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширади ҳамда давлат бюджетининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш имконини беради.
Изоҳ (0)