Навоийнинг Хатирчи туманида солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаро А.К. турмуш ўртоғи С.А.нинг номига «И.Б.» МЧЖни ташкил этиб, харидоргир маҳсулотлар сотувидан тушган 2,6 миллиард сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдорда бузиб келган.
Шунингдек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаслик мақсадида амалга оширган товар айланмасини ҳисоботларида камайтириб кўрсатиб, жами 196,4 миллион сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни қасддан яшириб келганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан «И.Б.» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 184 (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 189-моддалари (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)