Ўзбекистонда 80 фоиз жамоат транспорти газ ҳамда электр двигателига ўтказилади, деб хабар бермоқда ЎзА.
Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент фармони бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати бош мутахассиси Севара Давлатова маълум қилган.
«Концепцияни амалга ошириш натижасида қатор натижаларга эришамиз. Қуриган Орол денгизи ўрнида дарахтларни экиш кўрсаткичи 28 фоиздан 60 фоизга етказилади, 80 фоиз жамоат транспорти газ ҳамда электр двигателига ўтказилади, аҳолига санитар хизматлар кўрсатиш қамрови 48 фоиздан 100 фоизга етказилади, чиқиндиларни қайта ишлаб чиқариш бугунги кунда 18 фоизни ташкил қилса, концепцияда 60—65 фоизга етказиш белгиланган», — деган у.
Шунингдек, фармонга кўра, Давлат экология қўмитасининг ёввойи ҳайвонларни овлашга ва ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсатномалар бериш бўйича ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига берилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг юқоридаги фармонига кўра, Ўзбекистонда 1 ноябрдан дарахтлар кесилишига мораторий жорий этиш таклифи маъқулланганди. Мораторий 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилади.
Изоҳ (0)