«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қоладиган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони уч йилдан буён ободонлаштириш бошқармасида гулчи бўлиб ишлаётган аёл.

Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.

Исмим Гулзода. Ёшим 42 да. Икки ўғил, бир қизим бор. 2016 йилдан бери шаҳар ободонлаштириш бўлимида гулчи бўлиб ишлайман.

Фото: «Unsplash.com»

Мактабни битирибоқ оила қурганман. Ўқиб, бирор касб эгаллашга шароитим бўлмаган. Раҳматли турмуш ўртоғим  шаҳар ободонлаштириш бўлимида сувчи бўлиб ишларди. Мен эса болаларимни тарбия қилиб уйда ўтирардим.

Хўжайиним қўли гул уста бўлган. Анча йиллар олдин ҳовлида каттагина қурилиш бошлаб қўйган, лекин кўпдан бери қолиб кетаётганди. Уларни тезроқ битириш керак эди. Шунинг учун сиз уйларни охирига етказинг, ўрнингизга мен ишлайман деб ўрин алмашганмиз. Ахир кимдир ишлаб уйга пул олиб келиши керак эди. Хуллас, шундай қилиб эримнинг ўрнига мен гулчи бўлиб ишга жойлашганман.

Гуллар инсонга бошқача завқ беради

Ҳамкасбларим билан шаҳримизнинг марказий кўчаларига гул экамиз. Бу инсондан катта маҳорат талаб қилади. Сабаби, чизиғини чизиғига қилиб  шундай гул экишингиз керакки, сиз чиқарган фантазия узоқдан қараганда бошқаларга кўриниши керак. Экканда ҳам гулларнинг шакли кўриниши, ҳаммаси бир-бирига ҳамоҳанг бўлиши керак.

Фото: «Unsplash.com»

Куч-ғайратим бўлса, яна ишлардим

Иш вақтим соат 8:00 дан 16:00 гача. Ойлигим 700 минг сўмдан ошади. Ишдан келиб болаларимга овқат қиламан, уйни йиғиштираман. Шу билан кун кечкиради. Ёш ўтган сари аёл кишининг кўп нарсага қурби етмай қоларкан. Куч-ғайратим бўлса қани, ҳар қанча ишлашга рози эдим. Бироқ ҳозирча ишим шу. Баъзида уйда «заказ»га келинларнинг кўрпа-тўшагини қовийман.

700 минг сўм бир ойга етадими?

Етса ҳам, етмаса ҳам нима қиламан, майли Аллоҳ баракасини берсин. Қўшимчасига вояга етмаган қизимга 250 минг сўм давлатдан ёрдам пули оламан. Яқинда кредитга «тефал», дазмол, телевизор олдим. Кредит тўлаб, рўзғоримни тебратиб юрибман.

Бу ҳаётда осон ишнинг ўзи йўқ 

Йил ўн икки ой ташқарида ишлаш аёл кишига бироз оғирлик қиларкан. Айниқса ёз ойлари саратонда ишлаш жуда қийин бўлади. Агар қишда ҳам тадбир ёки каттароқ меҳмон келадиган бўлса, қаҳратон бўлишига қарамай жой тайёрлаб, «Камаз-Камаз» гулларни экишга мажбур бўламиз.

Ҳаво иссиқми, совуқми фарқи йўқ. Давлат ойлик тўлаяптими, биз ҳам виждонан ишлашимиз керак. Эҳтиёт чорамизни кўриб: иссиқ кийиниб, яхшилаб овқатланиб, ишларимизни қилаверамиз. Ҳаммамиз ҳам бола-чақа, рўзғор ташвишида юрибмиз. Барчамизга Худонинг ўзи сабр-тоқат берсин.

Шароитим яхши бўлганда бир кун ҳам ишламасдим

Ўтган йили эрим бир одамнинг уйида ишлаётиб, бехосдан ўтиб қолди. Пешинда болам «дадам ўлиб қолди» деб йиғлаб  келди. Тушимми, ўнгимми тушунмай қолдим. Кутилмаганда мусибат бошига тушса, инсон довдираб қоларкан. Анча ўзимизга келолмай юрдик. Лекин Аллоҳнинг иродаси, нима ҳам қилардик. Ҳаммасига кўниб яшаяпмиз.

Шароитим яхши бўлганда бир кун ҳам ишламасдим. Лекин боқувчим йўқ, уч нафар болам, устига-устак кредитим ҳам бор. Шунинг учун ҳам ишлашга мажбурман. Баъзида рўзғор, оила ташвиши деб аёллигим эсимдан чиқиб қолади.

Фото: «Unsplash.com»

Худога шукур, ҳозир иккала ўғлим ҳам ёнимга кириб қолган. Катта ўғлим Убайдулло 21 ёшда. Фирмада таксичи бўлиб ишлаяпти. Иккинчим Мирмуҳсин ҳам акасининг олдида. У ҳам шофёрлик қилиб пул топяпти. Қизим эса ҳали кичкина. Мактабда ўқийди.

Дунёда ҳар қандай қийинчиликка чидаш мумкин, лекин ноҳақликка эмас 

Бир куни раҳбаримизга айбини юзига айтганим учун мени жазолаб, бошқа бригадага ўтказворишини, бунга мажбур бўлишимни айтди. Лекин мен ўтолмасдим. Сабаби, у айтган жойга иккита автобусга чиқиб, бир кунда тўрт минг йўлкира қилиб бориб келиш керак. Бу тушликдан ташқари «расход». Ўзи ойлигимиз қанча? 700 минг ойлик ичида 440 минг кредит тўлайман. Қолган 300 минги болаларимнинг еб-ичишига, бундан ташқари газ, свет, коммунал тўловларга кетади. Уларга етказишнинг иложи йўқ. Қанча айтсам ҳам тушунмади.

Оддий гулчи бўлсам ҳам қонун-қоидани жуда яхши биламан. У минг бошлиқ бўлгани билан мен хоҳлаган тақдирдагина бу ишни қилиши мумкин, мажбурлаб ўтказиб юборишга ҳақи йўқ. Қанча айтмай бўлмади, барибир ўтасан деб мен билан олишаверди. Кейин керакли жойга ариза билан чиқдим. Эртасигаёқ энг катта раҳбаримиз ҳаммамизни йиғиб, бу қилган иши учун унинг 30 фоиз ойлигидан кесиб, тушунтириш хати ёздириб олди.

Кейинроқ опа узр, мендан ўтди деб кечирим ҳам сўради, лекин барибир оғриқлар, ҳақоратлар кўнглимдан кетгани йўқ.

Очиғини айтсам, муаммойимни ҳал қилиб берган ўша раҳбардан ҳам миннатдормасман. Чунки у мен мурожаат қилганим учун эмас, балки «тепа»дан шуни тинчит деган буйруқ бўлгани учун келиб муаммойимни ҳал қилди. Бўлмаса мурожаатим аризам ўргангунича қанча кутардим, билмайман.

Фото: «Unsplash.com»

Ҳаётингизда шундай вазиятлар бўладики, туққан онангизга ҳам айтолмайсиз.

Бошимдан ўтган бир воқеани айтиб бермоқчиман, балки бу кимгадир ибрат бўлар.

Эрим жуда кўп ичарди. Ичиб олгандан кейин бизга, болаларимга кун бермасди. Инсон тушкунликка тушиб қолса, нажот йўлини қидиради. Айниқса аёл киши. Бир куни танишларимдан Андижонда дам соладиган қори домла ҳақида эшитиб қолдим. Бир бориб дуо қилдирайчи, зора эрим инсофга қайтар деб олдига бордим. 3—4 марта қатнаб, фойдасини сездим.

Бу орада эрим Россияга кетиб, олти ойда қайтиб келди. Унда иккита ўғлим бор эди. Бир куни хўжайиним ҳамма шерикларимнинг қизи бор, фақат менда йўқ экан,  кўнглим бир ғалати бўлди, деб гапириб қолди. Сиз қизи бор дада бўлоласизми, деб сўрадим. Эрим ҳайрон бўлиб, бу нима деганингиз деб сўраганида, қизи бор дадалар ичмайди, чекмайди, ибодат қилади, ҳалолдан ризқланади, бўлмаса касри қизларга уради, деб жавоб бердим. Шунда эрим агар қизим бўлганида ичмасдим, чекмасдим деб менга ваъда берди. Мен унинг гапларига ишондим.

Андижонга зиёратга борганимда, устоз, дадамиз шундай деяпти, деб айтганимда, қори домла бир қиз тилаб берай, зора эринг иймонга қайтса, деб дуо қилди. Дуоларимизни Худо қабул қилиб, олти ойдан кейин бўйимда бўлди. Лекин эрим туққунимча ишонмади. Ичинг тўла ўғил, ҳеч қачон қиз туғмайсан дерди.

Вақти соати етиб, қизим туғилди. Бироқ турмуш ўртоғим бир кун ҳам ваъдасида турмади. Мен эса унга жуда ишонгандим. Ичмаслигини хоҳлардим. Маст бўлса тамом, бизга кун йўқ эди. Жуда қийналардик.

Қизим туғилса-да, бу азоблар камаймади. Қиш қаҳратонида кўчаларда қолиб кетдим. Устознинг олдига энди нима қилай деб йиғлаб борсам, агар эринг ўзини ўнглаб олмаса, бошига бало келади дедилар. Буни эрим касал бўлиб бирор жойда қолиб кетади, мен эса унга қарайман, кейин ичмайди деб тушундим.

Орадан йиллар ўтди. Бир куни эрим ишга кетди; «обед»да ўғлим дадам ўлиб қолди деб кириб келди. Жума куни пешинга азон чақирилаётганда жони чиқибди.

Биласизми, ўшанда хўжайиним 18 кун тинмай ичиб, 19-кунига ўлиб қолганди.

Эрим ўлишини истамагандим...

Бир ҳафта олдин жума куни намозда дуо қилаётиб, «Эй Роббим, эримга инсоф бергин, ичолмайдиган қилиб қўйгин. Барибир шу эр менга керак. Болаларимнинг отаси, мен заифаман. Шунча қурилишлар фақат унинг қўлидан келади.  Ҳамма ичувчилар ўлган бўлса, хунук ҳолатларда авария бўлиб, хор бўлиб ўлган. Худойим, эрим қачон ўлса ҳам ўзинг чиройли ўлимингдан насиб қилгин. Мен эримдан минг марта розиман. Шунга сенам рози бўласан», деб дуо қилгандим. Лекин айнан кейинги жумага ўлиб қолишини билмаганман. Ҳатто ўлиб қолганини шериклари ҳам билмабди. Ўша куни асрга қолмай чиқариб юбордик.

Тушимда эрим тинмай оловда ёнарди...

Кўмилгандан тортиб то бир йилгача эримнинг ёнганини кўравердим. Кейин яна устозга йиғлаб бордим. Устоз, нуқул эримнинг ёнганини кўряпман, десам, тандирдами, деб сўрадилар.

«Йўқ, ундан ўн баробар катта нарсада ёняпти. Тинмай менга тикилиб қараяпти. Бутун ҳаётимни азобда ўтказган, бирор марта ширин гапини эшитмаган эримга раҳмим келди», дедим.

Устоз «демак, эрингнинг хатолари кўп экан, ўзинг биласан, уларни тузат», деб маслаҳат бердилар.

Эрим бир марта тул хотинникидан «труба» ўғирлаб олиб чиққан эди. Ахир арзимаган нарса, озгина пулга ҳам берарди-ку, десам, бир урган, томорқага учиб кетганман.

«Ўша ‘труба’ни олиб кириб берсанг бўлмайдими, деб сўради устоз.

«Олиб киролмайман, у ‘труба’ни эрим киришимизга ‘сварка’лаб қўйган. Келгандан бери фойдаланамиз, деб жавоб бердим.

«Бўлмаса ҳисоб-китоб қилиб, ўшанинг миқдорича пул тўлаб қўйгин», дедилар.

Кейин темир бозоридан ‘труба’нинг метрини суриштириб, беш метрига 25 минг пул олиб кириб, онангиздан қарзим бор эди, деб ўғлига ташлаб чиқдим.

Иккинчиси қўшнимизни телефони кўчада тушиб қолганида, эрим уни топиб олиб, қайтариб берайлик десам унамасдан, сотиб рўзғорга ишлатиб юборган эди.

«Устоз, унинг пулини қандай тўлайман, ахир у ишга ўн йилдан ошди-ку», десам, «ҳожат намозини ўқи, шунга қараб иш қиламиз», дедилар.

Намозни ўқиб, Аллоҳим, 80 минг берсам рози бўласанми, деб сўраб ётсам, тушимда тўртта пахтаси йўқ тўшак олдим. Устознинг таъбирича, тўрт сони бу мен билан болаларим, пахтаси йўқ тўшак эса чала дегани экан. Қанчалигини яна сўраб ётгин дегандилар. Худойим, 100 минг берсам рози бўласанми, деб ният қилиб ётсам, тушимда тандирга икки қаватдан патир ёпаяпман экан. Ҳаётда патир икки қават бўлмайди. Бунинг маъноси қилаётган ишимиз тўғрилиги экан. Демак, 100 мингга тўхтабмиз экан, деб пластикдан ечтирдим. Кейин қори домла айтганидек, қўшнимга болаларимни дуо қилиб қўйинг, деб, ичимда эримнинг қарзи қиёматга қолмади, деб бериб чиқдим.

Орадан уч кун ўтиб қўшним туш кўрибди. Айтишича, мен Байтуллоҳ тепасида ибодат қиляпман экан. Эрим эса пастда туриб мени уч қўшнимга кўрсатиб, «шундай аҳли аёлим борлиги учун Аллоҳ бошимга салла кийгизди. Бу йил мен ҳожи дада бўлдим», дебдилар.

Эрим бирор марта икки ракат намозини вақтида дўндириб ўқимаган, шунча гуноҳлари бўлса-да, Аллоҳ эримнинг бошига салла кийгизиб қўйибди. Туш таъбиридан саллани кўрсам, бу улуғлик экан.

Эримдан бирор марта ширин гап эшитмасам-да, тушимга кириб, ялиниб қарагани, унинг битта нигоҳи учун шу ишларни қилдим.

Яхшига яхшилик қилиш ҳамманинг қўлидан келади. Лекин ёмонга яхшилик қилиш фақат мўминнинг қўлидан келади. Аллоҳ ҳаммамизни мўмин қилсин.

Фото: «Unsplash.com»

Ҳар кунингга шукур қил

Эримдан ҳар сафар нолиб борсам, устоз фарзанди оғир оналарни кўрсатиб, «эринг ичиб кун бермаётган бўлса, анави аёлнинг боласи жуда ёмон оғрияпти. Сени-чи, фарзандларинг соғ-ку, шунинг шукрини қилгин», деб насиҳат қилардилар.

Кимдир бадавлат яшаб, дабдабали тўйлар қилади. Кимдир бир бурда нон тополмайди. Инсон ўзида бор нарсалар учун ҳатто ичаётган суви, ҳавосининг шукрини қилиши лозим. Қанча шукур қилсак, ҳаётимиз шунча изига тушиб кетади.

Оддий ўзбек аёли нимани ҳам орзу қиларди...

Албатта, фарзандлари камолини кўришни, уларни уйли-жойли қилишни-да.

Юқорида айтганимдек, эрим усталиги учун ҳовлида уйнинг бетонини қуйиб, деворларини кўтариб қўйган. Фақат томи йўқ. Катта ўғлим 22 га қараб кетяпти. Аллоҳ насиб қилса, тезроқ томларни ёпиб, келин томоннинг битта хонасини биткизиб, ўғлимни уйлаб қўйсам бўлди. Мендан бахтли одам бўлмасди. Лекин буларнинг бари маблағга бориб тақалади. Худойим фарзандларимнинг дастига берсин, ҳалол ишлаб, топиб уйларини биткизишсин.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.

Аввалги соядаги одамлар:

«Мусорга ташлаб юборилган 34 миллион сўмни топиб берганман». Чиқинди йиғувчи амаки ҳикояси

Моделлар бойларга жазман бўладими? Модель қиз ҳикояси

«Тарозидан уриб, одамларга қуртлаган жигар ва гўшт сотгани учун қассоблар узоқ яшамайди». Қассоб йигит ҳикояси

«Тиланчилар таксида, ўқитувчилар автобусда юрадиган замонда яшаяпмиз». Киракаш йигит ҳикояси

«Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақат фоҳишаликка эмас!» Официантлик қилаётган Ўзбекистон чемпионининг ҳикояси

«Бой ўлса ўлсин, камбағал ўлмасин». Гўрков Юрсунали ота Умаралиев ҳикояси

«Менга ҳеч нарса керакмас, шунчаки бахтли бўлишни хоҳлайман». Мардикорлик қилаётган қиз ҳикояси

«Ўзбекистон ўликхоналарида мурдалар сотилмайди!» Морг ходимининг ҳикояси

«Официантлар қўпол мижозларнинг овқатига тупуриб беришини эшитганман». Официант йигит ҳикояси

«Новвой бўлиб кўз нуримни йўқотяпман». Новвой йигит ҳикояси