Ўзбекистон Президенти «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қонунга мувофиқ, илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишларидан бири илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш орқали миллий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ҳамда самарадорлигига эришишдан иборат.
Қонун билан қатор ташкилотларнинг илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилди.
Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда соҳани ривожлантириш масалалари бўйича тегишли ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради.
Шунингдек, қонунга кўра, таълим ташкилотида истеъдодларни аниқлаш, танлаш, тарбиялаш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб бориш орқали ёшлар илм-фан ва илмий фаолиятга жалб этилади.
Илмий фаолият юритувчи шахслар бир қатор мажбуриятларга эга. Хусусан,
- инсон ҳаёти ва саломатлиги, атроф табиий муҳитга зарар етказмаслик;
- кўчирмачиликка йўл қўймаслик, ўзгаларнинг илмий ишланмаларини ўзлаштирмаслик ва ёлғон маълумотларга асосланмаслик;
- интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва илмий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Қонундаги илмий фаолият юритувчилар учун меҳнат таътили назарда тутилган қоидалар 2020 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
Изоҳ (0)