29 октябрь, сешанба куни Марказий ҳарбий округида жойлашган Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ёш ҳарбий хизматчилар билан уч кунлик намунадаги махсус амалиёт машғулотларига старт берилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Дастлаб бўлинма таркибида белгиланган ҳудудни ўрганиш, тоғ ва чўл ҳудудида ҳаракатланиш тактикаси ҳамда ноқулай об-ҳаво шароитида жанговар вазифани бажариш бўйича кўргазмали машғулот ташкил этилди.
Шундан сўнг бўлинма жанговар тайёргарликнинг янгича усул ва услубларини ўзида жамлаган ва 15-20 та элементлардан иборат махсус мажмуавий тўсиқлар йўлагидан ўтди.
Шунингдек, ҳарбий техникаларда машқлар бажарилди. Жанговар иккилик ва учлик билан яқин масофада жанг олиб бориш усуллари реал шароитларга яқин тарзда бажарилди.
Ҳарбий округдаги ҳарбий қисм командири ва уларнинг ўринбосарлари намунадаги мазкур машғулотларни кузатиб бормоқда.
Келгусида бўлинмалардаги ҳарбий хизматчиларни руҳий ва жисмоний сифатларини янада шакллантириш бўйича жанговар тайёргарлик усуллари ва махсус йўлак элементлари бошқа ҳарбий қисмларда ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)