Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон рангли металлургия саноатининг етакчиси – Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташкил топганининг 70 йиллик санаси муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Ватанимизнинг куч-қудрати ўсишида, Ўзбекистонда қазиб олинаётган қимматбаҳо ва рангли металларнинг юксак сифати бутун дунёда алоҳида эътироф этилишида иқтисодиётимизнинг локомотиви ҳисобланган комбинатнинг 35 минглик жамоаси салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Ҳозирги вақтда мажмуа томонидан Тошкент, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги қимматбаҳо ва рангли металлар энг илғор технологиялар асосида, етакчи хорижий компаниялар ҳамкорлигида жадал ўзлаштирилмоқда, харидоргир маҳсулотлар ҳажми оширилиб, уларнинг 70 фоиздан ортиғи экспорт қилинмоқда…
Ушбу айём муносабати билан сизларни яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида олиб бораётган бунёдкорона меҳнатингизда янги зафарлар тилайман», — дейилади Президент табригида.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ўзбекистондаги энг йирик кон-металлургия комбинати бўлиб, ишлаб чиқаришнинг 90 фоизини кумуш, 20 фоизини олтин ташкил этади. Олмалиқ тумани рудаларни қазиб олишга ихтисослашган ҳудуддир. Милоддан аввалги 9—12-асрларга оид кўплаб қадимий топилмалар, шунингдек, маъдан қазиб олиш излари ҳамма жойда қайд этилган.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида энг йирик – бир йилда 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш салоҳиятига эга бўлган мис бойитиш фабрикаси ва бошқа замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг қурилиши бошланган.
Яқин йилларда комбинатни модернизация қилиш дастури доирасида 2023 йилга келиб ишлаб чиқариш ҳажмининг 2,5 баробарга ўсишини таъминловчи тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)