Германия ташқи ишлар вазири Кристофер Бургер АҚШ ҳамда Туркиянинг Сурия ҳудудидаги ҳарбий операцияларни тўхтатганини ёқлаб чиқди ва ушбу қарор ҳудуддаги уруш ҳаракатларининг интиҳоси томон қўйилган қадам эканлигини қайд этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Daily Sabah

Туркия давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда АҚШ вице-президенти Майк Пенс музокаралардан сўнг туркларнинг курдлар чегарадан узоқлашиши учун Сурия ҳудудидаги операцияларни 120 соатга тўхтатишни келишиб олган. Пенснинг қайд этишича, келишув бўйича курдлар Туркия ва Сурия чегарасидан 30 километр ичкарига йўл олади ва АҚШ бу ҳаракатда уларга кўмак беради. Вице-президент АҚШ қўшинининг мазкур ҳудудга қайтмаслигини ҳам маълум қилган.

«Сурия шимолидаги урушнинг тугашини, беқарор вазиятни ўнглаш ва тинч аҳолининг ҳимоясини таъминлашни қўллаб-қувватлаймиз», — дея қайд этган Бургер.

Шунингдек, вазир қурол-яроғ масаласида Германия қабул қилган қарорнинг ўз кучида қолишини билдирган.

«Ҳужумларнинг тўхтатилгани икки томоннинг муроса қилишига олиб келади. Тинчлик учун улар стратегик масалаларни муҳокама қилиб олиши лозим» — дейди Германия ТИВ вакили.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 9 октябрда Сурия шимоли-шарқида «Тинчлик булоғи» операциясининг бошланганини эълон қилган. Анқаранинг ушбу ҳарбий ҳаракатлари Курдистон ишчи партияси жангарилари ҳамда ИШИД террорчиларига қарши қаратилганди. Сурия ҳукумати бир неча бор туркларнинг бундай ҳарбий ҳужум сиёсатини қоралаган. Россия эса Туркияни 2011 йилдан буён давом этаётган Сурия билан низоларни тинчлик йўли билан ҳал этиб олишга чақирган.