«Sof.uz» нашри Фарғонанинг бир туманида «қора рўмол ўраган аёллар дарҳол ишдан олиниши» ҳақида огоҳлантирилгани, ҳудудлардаги блогерларга муаммолар ҳақида ёзмаслик уқтирилаётгани, маҳаллий бозордаги монополиялар ҳақида ёзаётган андижонлик бир блогерга эса таҳдидлар бўлаётгани ҳақида хабар берди. Ўзбекистоннинг ваколатли органлари мамлакатда расман рўйхатга олинган ОАВда эълон қилинган ушбу маълумотлар юзасидан ҳозирча бирор изоҳ бергани йўқ.
Қуйида «Sof.uz»да эълон қилинган хабар билан тўлиқ танишиш мумкин:
Америкалик машҳур мутафаккир Ноам Чомский оммани манипуляция қилиш усуллари ҳақида ёзар экан аввал муаммо яратиб, кейин унга ечим таклиф қилишни тилга олади. Гўёки, фуқаролар орасида қандайдир қўпорувчи кучлар борлиги ҳақида ваҳима уйғотилади ва сўнгра «ушбу кучларга алоқадор, давлатга хавф солувчи шахслар» битта-битта даф этилади.Орган ходимлари аёл-қизларнинг рўмоли билан шуғулланаётган маҳалда водийдан қизиқ хабарлар келмоқда. Фарғона вилоятида яшовчи ўзини ошкор қилмаган аёлнинг хабар беришича, туман хотин-қизлар бўлимига бир қанча аёллар тўпланган ва «қора рўмол ўраганлар дарҳол ишдан олиниши» ҳақида огоҳлантирилган. Оқимлар ҳақида ҳам гап борган, формасиз ходимлар портлаш уюштиришни режалаштирган қўпорувчиларни қўлга олганлигини айтган. Эслатиб ўтамиз: шу кунларда мамлакатда портлаш уюштиришни режалаштирган қўпорувчи гуруҳ қўлга олинганлиги ҳақида бирор янгилик чоп этилгани йўқ.
Фарғоналик таниқли блогерлардан бири қайта-қайта чақиртирилаётгани, муаммолар ҳақида ёзмаслик уқтирилаётгани ҳақида айтди. У ўз номини айтишни хоҳламади, бироқ сайлов арафасида ижтимоий муаммоларни ёзаверса, чора кўрилишидан огоҳлантирилган. Бу ҳақда самарқандлик таниқли ижодкор Каримберди Тўрамурод ҳам Facebook саҳифасида ёзди. Шунингдек, «тили чиқиб қолган» баъзи блогерларнинг ҳам яқин-орада таноби тортилиши мумкин.
Андижонлик блогер Отабек Нуриддинов Artel’ни қилган танқиди ва бозордаги бошқа монополияларни ижтимоий тармоқда ёритиши билан танилган. Унга 19 сентябр куни телефон қилишиб бозор мавзусини ёритса, унга «бир гап бўлиши»дан огоҳлантиришган. «Бизда яна кўча тизими бошландими?» деб ёзди блогер. Шунингдек, у қўлида етарли далиллар борлигини ҳам илова қилди.
«Sof.uz»да 22 сентябрь куни эълон қилинган «Фарғона ва Андижонда ‘қўрқит-қўрқит’лар яна бошландими?» сарлавҳали хабардан
Изоҳ (0)