Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида ўғлига никоҳ ўқиб қўйган отага маъмурий чора кўрилди. Бу ҳақда «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» информацион дастурида маълум қилинди.
Сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган ишда ота ўғлига никоҳ ўқиб қўйишларини сўраб, бир неча имом-домлага борганини, бироқ уларнинг бари рад жавоб беравергач, охири ўғлини ўзи никоҳлаб қўйганини айтган.
Ўғлига никоҳ ўқиган ота аслида бу иш бўйича ҳеч қандай ваколатга эга эмаслигини ҳам тан олган. Суд унга етти кунлик маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Ўғлига никоҳ ўқиган ота қўлида кишан билан сайёр суд мажлисидан олиб кетилган.
Аввалроқ Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида ўғлининг иккинчи турмуши учун никоҳ ўқиб қўйган ота маъмурий жавобгарликка тортилган эди. Бундан ташқари, Фарғонанинг Тошлоқ туманида бир фуқаро ўзига ўзи никоҳ ўқигани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)