«Миллий электр тармоқлари» корхонаси Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat компанияси билан 10 йиллик муддатга мўлжалланган «Ол ва тўла» шарти асосидаги контрактни имзолади. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар бермоқда.
Ўзбекистон 2002 йилдан бери Афғонистонга мунтазам равишда электр энергияси етказиб келади. Ўтган вақт мобайнида экспорт қилинаётган электр энергиясининг йиллик ҳажми 62 миллион киловатт-соатдан жорий йил якуни билан кутилаётган салкам 2,6 миллиардгача кўпайди. Бироқ шу пайтгача етказиб бериш шартномалари фақат йиллик тузиб келинган.
«Шартнома 10 йилга мўлжалланган. Мавсумий эмас, йил мобайнида электр энергияси етказиб берилиши ҳисобга олинган. Дастлабки босқичда етказиб бериш ҳажми 4,2 миллиард киловатт-соатни ташкил этади, кейинчалик бу кўрсаткич 6 миллиард киловатт-соатга етиши мумкин», — деди Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев.
Вазир ўринбосарининг қайд этишича, контракт формулировкаси қатъийлигига қарамай, Афғонистондаги мураккаб вазиятни инобатга олиб ва жарималар тўланишига йўл қўймаслик мақсадида шартлар бирмуна енгиллаштирилган.
Изоҳ (0)