Ижтимоий тармоқларда 18 сентябрь оқшомида бир видео тарқалди: унда Тошкентдаги Амир Темур хиёбони («Сквер») атрофидаги айланма йўлда бир машина катта тезликда кескин манёврларни амалга ошираётганини, бу вақтда эса йўл-патрул хизмати ходимлари айланма йўлга кириш жойларини ёпиб қўйганини кўриш мумкин.

ЙПХ ходимлари нима сабабдан айланма йўлни ёпган, қимматбаҳо машина кимники, унда ким дрифт қилаётгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Тахминларга кўра, бу бир муддат аввал Ўзбекистонга навбатдаги тест-драйвларни ўтказиш учун келган россиялик таниқли автоблогер Эрик Давидич бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Эрик Давидичнинг Ўзбекистондаги тест-драйвлари учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров премиум туркумдаги Mercedes AMG GT 4, Brabus Maybach 900 ва Bentley автомобилларини тақдим этган эди.