ЙПХ инспекторини ҳақоратлаган, уни видеотасвирга олиб интернетда тарқатган қашқадарёлик ҳайдовчига 10 сутка қамоқ жазоси қўлланилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
15 сентябрь, якшанба куни соат 10:00 да Қарши шаҳридаги Насаф кўчасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва қоидабузар ҳайдовчиларни аниқлаш вазифасини бажараётган ЙҲХБ 1-отряд 2-сафарбарлик гуруҳи инспектори Баҳодир Жўраев белгиланган тезликдан юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган «Ваз-2106» русумли 70 B 410 FA давлат рақамли автомашина ҳайдовчиси Шаҳриддин Раҳмоновни тўхтатади.
Ва қоидабузарлигини тушунтириб, маъмурий баённома расмийлаштиришга киришади. Ҳайдовчи эса ЙПХ ходимини ҳақорат қилиб, қўпол сўзлар билан сўкади.
«Энг ёмони ҳайдовчи ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, унга кескин қаршилик кўрсатиб телефонига видеотасвирга ола бошлайди. Ички ишлар ходимини обрўсизлантириш ва оммага ички ишлар ходимига бўйсунмасликни тарғиб этувчи видеотасвирни Telegram орқали интернетда тарқатади», — дейди ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Жавлон Бахтиев.
Маълум қилинишича, ҳайдовчи Шаҳриддин Раҳмоновнинг ушбу қилмиши 17 сентябрь, сешанба куни очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.
Суд ўзбошимча ҳайдовчининг қилмишини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41 ҳамда 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар дея баҳолаб, айбдор деб топади. Суд ҳукмига кўра, айбдорга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида яъни 2 миллион 223 минг сўм жарима ҳамда 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.
Изоҳ (0)