Ўзбекистон терма жамоаси Эктор Купер ЖЧ—2022 2-саралаш босқичи 1-тури доирасида Фаластинга қарши кечадиган ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Биринчи ўйин ҳамиша жуда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, саралаш ўйинларини ғалаба билан бошлаш жуда-жуда муҳим. Ўтказилган йиғин давомида мазкур ўйинга жиддий ҳозирлик олиб боришга ҳаракат қилдик. Ўйлашимча, бир қатор жиҳатлардаги камчиликларни яхшилай олдик. Мазкур ўйиндан ижобий натижа кутяпман.
Яна шуни алоҳида қайд этишим лозимки, гуруҳдаги ҳар бир рақиб – жиддий жамоа. Ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўриш талаб этилади. Лекин эртанги учрашувда фақат 3 очкони кўзлаган ҳолда майдонга чиқишимизни айта оламан.
Мақсад — гуруҳда биринчи бўлиш. Бунинг учун биринчи галда ўйинни яхшилаш лозим. Шунда рақиб зарур бўлса, бизнинг ўйинга қараб ҳаракат қилишга мажбур бўлади.
Жаҳон Чемпионатига йўл олиш учун биринчи навбатда бутун жамоа бирлаша олиши ҳамда ўз кучига ишона олиши талаб этилади. Тўғри, Ўзбекистон ҳали мундиалга йўл ола билмаган. Лекин имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Бу гал бизда мақсадга эришиш имкони бор. Фақат таркибдаги ҳамма ўз кучига ишона билиши лозим.
Жаҳон Чемпионатига чиқишнинг ўзига хос сири ёки беркитадиган жиҳати йўқ. Бунинг учун жамоа ўз устида ишлашни тўхтатмаслиги ҳамда битта мақсад сари интилиши зарур», — деди Эктор Купер.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)