Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва унинг яқин қариндошларига тегишли бўлган 135 дона мол-мулк хатлаб қўйилди, деб хабар беради Sputnik.

Фото: Sputnik

Хатлов жиноий авторитет Азиз Батукаев ноқонуний озод этилиши бўйича жиноий иш доирасида амалга оширилди. Бундан аввал 120 та объект хатлаб қўйилганди.

Таъкидланишича, Ҳарбий прокуратура Атамбаев президентлик даврида ноқонуний бойлик орттириши ҳолати бўйича жиноий иш мавжудлигини инобатга олган ҳолда, маълумотлар текширилиши ва таққосланиши учун Бош прокуратурага юборган.

Иш юритув давомида 20 та уй-жойдан хатлов олиб ташланди.

Алмазбек Атамбаев ва унинг яқин қариндошларига тегишли бўлган объектлар, шунингдек, ноқонуний равишда қўлга киритилган бошқа мол-мулкларни қидириш ва аниқлаш бўйича Қирғизистон миллий хавфсизлик ва ИИВ тезкор бўлинмаларига тергов кўрсатмалари берилди.

Бош прокуратура Атамбаев ва яқинларига тегишли бўлган барча объектларнинг эгалик ҳуқуқини текшириб чиқади, кейинчалик хатлаб қўйилган мол-мулкларнинг янгиланган рўйхатни эълон қилишни режалаштирди.