Минскда илк Беларусь—Ўзбекистон ёшлар IT-форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
Лойиҳа дастури тўртта сессиядан иборат бўлиб, унда соҳадаги етакчи мутахассислар иштирокидаги ўқув машғулотлари, янги технологиялар намойиши, мулоқот баҳслари ўтказилмоқда. Мазкур форумда ўзбекистонлик 30 нафар фаол ёшдан иборат делегацияга Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев бошчилик қилмоқда.
Форум иши олдидан Беларусь ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўтказилган учрашувда томонларнинг ахборот технологияларини ривожлантириш борасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилиб, истиқболли режалари белгилаб олинди.
Халқаро ҳамкорлик майдонида «Digital Generation Uzbekistan» лойиҳаси ташкилотчилари томонидан 25 нафар ёшдан иборат гуруҳ ҳам қисқа муддатли малака оширмоқда. Улар Беларусдаги «Юқори технологиялар парки»да ўз лойиҳа ва таклифлари тақдимотини намойиш этиб, IT соҳасида бизнес юритиш ва меҳнат бозори каби муҳим йўналишлар бўйича зарур кўникмаларга эга бўляпти.
Шунингдек, икки давлат ёшлари учун ахборот технологиялари соҳасидаги ёзги оромгоҳи ҳам ташкил этилган. Оромгоҳда беларуслик ёшлар билан бир қаторда 30 нафар ўзбекистонлик веб дастурлар яратиш, 3D моделлаштириш, робототехника, мехатроника, мобил дастур яратиш соҳаларида фаолият юритаётган ёшлар Беларусь IT компаниялари фаолияти билан танишиш ва тажриба алмашиш билан бирга етакчи дастурчилар томонидан ташкил этиладиган дарсларда ҳам қатнашмоқда.
Жорий йил сентябрь ойида беларуслик 30 нафар ёш дастурчи Ўзбекистонга таклиф этилиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)