«Манчестер Сити» ярим ҳимоячи Лерой Санени «Бавария»га 150 миллион евродан камига сотимоқчи эмас, дея хабар берди Suddeutsche Zeitung.
Маълум бўлишича, «шаҳарликлар» раҳбарияти бундай нарх белгилашида «Атлетико»нинг «Бенфика»дан Жоау Феликсни 126 миллион еврога сотиб олганини рўкач қилиб кўрсатмоқда.
Англия клуби раҳбариятининг сўзларига кўра, 23 ёшли футболчи Европанинг энг яхши клубларида ўйнаш учун етарли тажрибага эга. Таъкидланишича, бу борада у португалияликдан устун.
ОАВга кўра, «Бавария» Сане учун «Манчестер Сити»га 100 миллион евро тўлашга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, Лерой Сане 2016 йилнинг ёзида «Сити»га «Шальке-04»дан 50,5 миллион евро эвазига ўтганди. У ўтган мавсум барча мусобақаларда 47 та ўйинда майдонга тушиб, 16 та гол урди ҳамда 18 та голга ассистентлик қилди.
Маълумот учун, Саненинг «манкунианлар» билан тузган шартномаси 2021 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)