Кеча, 29 июль куни, Москва вилоятидаги «Патриот» паркида «Танк биатлони» мусобақаси учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, мусобақа икки гуруҳда ўтказилмоқда. Биринчи гуруҳда 12, иккинчи гуруҳда эса 13 та жамоа иштирок этади.
«АрМИ — 2019» Низомига кўра, ҳар бир гуруҳдан алоҳида ғолиблар аниқланади. Биринчи гуруҳда мусобақа ташкил қилинганидан буён иштирок этиб келаётган жамоалар ўрин олган бўлса, иккинчи гуруҳдан илк бор «Танк биатлони» мусобақасида қатнашаётган мамлакатлар ҳарбийлари жой олган.
Қуръа ташлаш натижаларига кўра, ўзбекистонлик ҳарбийлар иштирокидаги баҳслар 4, 6, ва 8 август кунлари бўлиб ўтади. Улар кўк рангли танкда учинчи йўлак бўйлаб биринчилик учун курашади. Куннинг иккинчи қисмида жамоалар мусобақа давомида ҳаракатланиши учун жанговар техникаларни қабул қилиб олди.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги халқаро армия ўйинлари доирасида 32 йўналиш бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Унда 36 та давлатдан жами 221 та жамоа иштирок этяпти. «АрМИ — 2019» баҳслари дунёнинг 10 та давлатида ўтказиляпти. Мусобақанинг тантанали очилиш маросими 3 август куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)