Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Нов қишлоқ врачлик пункти шифокори А.Қ. қўлга олинди.
У фуқаро И.А.ни танишлари орқали Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Шифокорлар кўчасида фирибгарлик йўли билан 25 000 доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
«Ҳурматли фуқаролар, юқоридаги каби турли ноқонуний йўллар билан ўқишга киритишга ваъда бериб, таъмагирлик қилаётган фуқаролар ёки мансабдор шахсларга дуч келсангиз, Бош прокуратуранинг қисқа рақамли 10-07 ёки Департаментнинг 71-233-10-07 рақамли тун-у кун ишловчи ишонч телефонларига мурожаат этишингизни сўраймиз», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ (0)