24 июль куни Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан хорижий ОТМ дипломларини нострификация қилиш тартибини соддалаштирувчи қарор тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатга асосан, таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.
Бунинг учун ДХМ ходимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:
- диплом ва унга илованинг нусхаси;- диплом ва унга илованинг давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаси.
Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бепул амалга оширилади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Қайси ҳужжатларнинг тан олинишини синовларсиз амалга ошириш мумкин?
- умумий ўрта ва ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва малака ошириш таълимини олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
- Ўзбекистонда бўлинмалари ва қўшма таълим муассасалари мавжуд хорижий таълим муассасаларида ўқиган талабгорларнинг ҳужжатлари;
- Халқаро 1000 талик рейтингга кирган олий таълим муассасаларининг ҳужжатлари;
- вазирлик ва идоралар йўлланмалари асосида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
- 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига кирган талабгорларнинг ҳужжатлари;
- Олий таълимда сифатни баҳолаш Европа ассоциациясининг аъзолари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;
- АҚШ, Австралия, Исроил, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларида аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;
- вазирлик ва идоралар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
- халқаро шартномалар, президент ва ҳукумат ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.
Изоҳ (0)