ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Ургут туманида яшовчи, 1987- йилда туғилган Баҳром Алиқуловнинг хонадони ертўласидан сотиш мақсадида яшириб қўйилган 4 килограмм 635 грамм «опий» моддаси топилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Аниқланишича, ушбу оғу Баҳром Алиқуловнинг укаси, 1997 йилда туғилган Ҳасан Шукуровнинг Тожикистон Республикаси, Сўғд вилояти, Панжикент туманида яшовчи таниши «Ражаб» исмли шахс томонидан Тошкент вилоятининг Бекобод туманига контрабанда йўли билан ўтказилиб, тегишли жойга яшириб кетилган. Ўз навбатида, Баҳром Алиқулов мазкур гиёҳвандлик воситасини Ургут туманидаги яшаш манзилига олиб келган. Ушбу ишга алоқадор бўлган Баҳром Алиқуловнинг укаси Ҳасан Шукуров ҳам ҳибсга олинди.
Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ички ишлар идоралари ходимлари билан Самарқанд шаҳрида ўтказган бошқа бир тезкор тадбири давомида Тожикистон Республикаси фуқаролари Учқун Имомов ҳамда Доуд Қаробеков 1 килограмм 855 грамм «опий» гиёҳвандлик воситасини мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кириб, 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.
Аниқланишича, Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Панжикент туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган Учқун Имомов ва 1983 йилда туғилган Доуд Қаробеков ушбу «опий» моддасини «ВАЗ-2110» русумли автомашинанинг ёқилғи бакига жойлаштириб, яширинча олиб ўтган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)