Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси Пробация бўлими ва жиноят ишлари бўйича вилоят суди ҳамкорлигида ўтказилган сайёр судда қилмишидан пушаймон бўлган 24 нафар назоратдаги шахслар жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вилоят ИИБ Пробация бўлимининг маълум қилишича, Андижон шаҳрида ва Хўжаобод туманларида «Намунали ҳудуд» тажрибасини яратиш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолиятини янада жадаллаштириш мақсадида бўлим ҳисобида турган 4 минг 706 нафар назоратдаги шахсдан жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган 428 нафари ажратиб олинган.
Куни кеча айнан ушбу шахслар иштирокида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида профилактик тадбир ўтказилди. Тадбир мобайнида жиноят ишлар бўйича вилояти суди судьялари томонидан содир этган жиноятидан пушаймон бўлган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, тузалиш йўлига кирган назоратдаги шахсларнинг ишлари қайта кўриб чиқилди. Натижада 24 нафар шахс жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
— Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузганлигим сабаб, Жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг жорий йил 25 январдаги ҳукмига асосан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилганман, — дейди асакалик Х.Жалилов. – Ушбу ҳукм билан 1 йил 6 ой муддатга ойлик иш ҳақидан 20 фоиз давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бугунги сайёр суд давомида қилган ишимдан пушаймонлигим инобатга олиниб, муддатидан илгари шартли равишда озод этилдим. Бундан кейин хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга ҳаракат қиламан.
Шунингдек, судлар томонидан белгиланган чекловларга амал қилмасдан, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган ва жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган 5 нафар шахсларнинг жазо турлари озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилиши таъминланди.
Изоҳ (0)