Фарзандининг контрактини иш ҳақидан тўлаганда солиқ имтиёзи қандай бўлиши ҳақидаги маълумотларни ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, янги Солиқ кодекси лойиҳасида контракт тўлови учун ўтказилган иш ҳақининг солиққа тортилмаслигига оид имтиёз бекор қилиниши айтилган, аммо Солиқ кодексининг янги таҳрири ҳали расман тасдиқлангани йўқ.
«Эшитишимга қараганда, айрим бухгалтерлар ушбу имтиёз бекор қилинганини айтишмоқда экан. Бу нотўғри. Ҳозир амалда бўлиб турган Солиқ кодексининг 179-моддасининг 31-бандида ушбу имтиёз белгилаб қўйилган», — дейди у.
Бундан ташқари, мабодо кимдир ўзининг ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандининг контрактига пластик карточкаси орқали тўлаган ва бунинг натижасида солиқ имтиёзи қўлланмаган бўлса, унда солиқ органларига ариза берса, ушланмаган солиқ миқдорини ҳисоблаб, қайтариб берилади.
Шунингдек, янги Солиқ кодексида ёш оила аъзолари томонидан олинган ипотека кредитларни ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой учун олинган ипотека кредитларини қоплаш учун йўналтирилган даромадларга ҳам солиқ имтиёзини бекор қилиш режалаштирилмоқда, аммо ушбу имтиёзлар ҳам айни бугунги кунда кучга эга.
Изоҳ (0)