Келесда уйи бузилаётганлар ҳовлилари жуда паст нархда баҳоланаётгани, туман ҳокими эса эътирозларини эшитмаётганини айтмоқда. Бу ҳақда «Минбар» маълум қилди.
Тошкент вилоятининг Келес шаҳрида 36 та уй бузилмоқда. Уларнинг ўрнида 7 ва 9 қаватлик уйлар қурилиши, Келес йўли кўчаси кенгайтирилиши режалаштирилган.
Тошкент тумани ҳокимлиги раҳбариятининг айтишича, бузилишга тушган хонадонларда яшовчиларни кўчириш қонун доирасида, уларни рози қилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Бироқ уйлари бузилаётган фуқаролар бунинг аксини айтмоқда.
Уй эгаларига ўзлари хоҳлаган жойдан ер майдонлари ажратилмаган. Таклиф этилаётган ҳудуддаги шароитлар уларни қониқтирмаяпти.
Фуқароларга кўра, уйлар бозор нархларидан паст баҳода нархланмоқда. Мустақил баҳоловчиларнинг баҳолашига имкон берилмаяпти. Айрим уйлар эса ҳалигача баҳоланмаган.
Вазият ноаниқ бир ҳолатда хонадон эгалари газ, сув, электрдан узилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Келесликлар уйлари ҳокимдан адолат қилишни, уйларини бозор нархида баҳолашларини талаб қилмоқда.
«Уйларимизни бозор баҳосида сотиб олишга пуллари етмаса, унда бузишмасин!», демоқда улар.
Изоҳ (0)