Вазирлар Маҳкамасининг 4 июнь кунги 460-сонли қарори билан кундузи чироқ ёқиб ҳаракатланиш талаби 2021 йил 1 январдан бошлаб кучга кириши белгилаб қўйилди.
Кундузи чироқ ёқиб юришга оид қоида расман кучга кирган кундан то 4 июнь (ушбу талаб бекор бўлган кун)га қадар кундузи чироқ ёқиб юрмаган ҳайдовчиларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомаларнинг тақдири нима бўлади?
Хушнуд Худойбердиевнинг билдиришича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 9-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқли.
Кодекснинг 271-моддасига кўра маъмурий жавобгарликни белгиловчи ҳужжат бекор қилинган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим.
Қонуннинг юқоридаги талабларидан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, 2019- йил 4 июнга қадар ҳайдовчиларга нисбатан кундузи чироқ ёқиб юрмагани учун расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бекор қилиниши ва маъмурий баённома бекор бўлишининг ҳуқуқий оқибатлари қўлланиши лозим.
Бунда ҳайдовчилар қуйидаги 2 хил ҳолатдан бирида бўлиши мумкин:
1) маъмурий баённома тузилган, лекин ҳали жарима тўланмаган;
2) тузилган маъмурий баённома асосида жарима аллақачон тўлаб қўйилган.
Биринчи ҳолатда, ҳеч қандай баҳс ёки мунозарага ўрин йўқ, маъмурий баённомалар уни тузган органнинг ўзи томонидан бекор қилиниши лозим ва жарима тўлаш шарт бўлмайди. Агар ички ишлар органлари маъмурий баённомаларни бекор қилишдан бош торца, унда судга мурожаат қилиш ва МЖтКнинг 9-моддасини қўллашни сўраш талаб этилади.
Иккинчи ҳолат бироз баҳсли. Гарчи назарий жиҳатдан жарималар қайтарилиши керак бўлса-да, лекин бу унчалик осон бўлмайди. Яъни жарималар автоматик равишда қайтарилишидан кўп ҳам умид қилмаслик керак, давлат бюджетига тушган пул осонгина қайтиб чиқмайди. Бунинг учун ҳайдовчилар жарима тўланган ҳудуддаги Маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиш лозим бўлади.
Лекин суднинг югур-югури тўланган 101 минг сўмлик жаримага арзиши ёки арзимаслигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Боз устига судда ютиб чиқиш кафолатланмаган.
Изоҳ (0)