Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3163, 31.05.2019 й.). Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали маълумот беради.
Низомга мувофиқ, Жамғарма маблағларидан субсидиялар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:— иш берувчиларга — бандликка кўмаклашиш марказлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлашга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун — ҳар бир ходимга 6 ой мобайнида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида;— бандликка кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга — тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;— ижтимоий эҳтиёжманд аҳолини квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга — ҳар бир ходим учун 12 ойда ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида;— енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда.
Жамғармадан грантлар қуйидагилар учун берилади:— касб-ҳунар таълими муассасаларига — банд бўлмаган шахсларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштиришга;— касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни молиялаштиришга.
Изоҳ (0)