Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида икки нафар Ўзбекистон фуқароси жинсий тажовузга учради. Улардан бири ҳали вояга етмаган, деб хабар беради «Podrobno.uz».

Фото: «Podrobno.uz»

«Ватандош» минтақалараро ўзбек ватандошлиги уюшмаси раиси Усмон Баратовга 18 май куни интернет орқали 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси мурожаат қилган. Аёл жорий йилнинг 5—9 май кунлари икки нафар номаълум шахс томонидан ижрага олинган Дачный проспектидаги 24-хонадонда 13 ёшли қизи билан бирга бир неча кун давомида сақланганини, тўрт кун давомида жинсий зўравонлик қурбонига айланганини сўзлаб берган.

Тергов қўмитаси томонидан Россия Жиноят кодексининг 131- («Зўрлаш») ҳамда 127-моддалари («Икки ёки ундан ортиқ шахснинг қонунга хилоф равишда озодлигини чеклаш») бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур ҳолат бўйича 47 ёшли Тожикистон фуқароси гумонланувчи сифатида қўлга олинган. Ушбу шахс ишсиз, Петербургга ноқонуний равишда келиб қолган, ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган.