22 май куни Эверестга 200 дан ортиқ одам кўтарилди — The Kathmandu Post’нинг ёзишича, бу жаҳоннинг энг баланд нуқтасини бир кунда забт этган альпинистлар сони бўйича рекорд кўрсаткичдир. Тоғ чўққисига кўтарилишда навбат юзага келган: катта эҳтимол билан, айнан шу навбат сабаб икки киши — 55 ёшли америкалик Дональд Кэш ва 54 ёшли Ҳиндистон фуқароси Анжали Кулькарни вафот этган. Улар чўққидан тушиш вақтида ҳалок бўлган. Ҳар иккисининг вафоти «ўлим ҳудуди» деб таърифланадиган 8 минг метрдан юқори баландликда қайд этилган: бу ерда нафас олиш учун кислород етишмайди. Эверестда ҳалок бўлганларнинг аксарияти айнан «ўлим ҳудуди»да жон таслим қилган. Эвакуациянинг мураккаблиги боис, кўпинча уларнинг жасадлари тоғ ён-бағирларида қолиб кетади.
Анжали Кулкарни ва унинг эри Мумбайда реклама агентлигига эга эди; ўғлининг айтишича, улар Эверестни забт этиш орзуси билан ҳамма ишларни йиғиштириб, сафарга чиққанди. Эр-хотин 22 май куни чўққига кўтарилишда уч соат навбатда қолиб кетган. Экспедиция вақтида Кулкарнилар жуфтлигига йўлбошчилик қилган Arun Treks and Expeditions агентлигининг раҳбари Тупден Шерпа сўзларига кўра, сайёҳлар Эверестга чиққан, бироқ кутиш вақтида ҳаддан ташқари кўп куч йўқотган. Йўлбошчи-шерплар Анжалига чўққидан тушишга ёрдам берган, бироқ қайтиш вақтида улар яна навбатда қолиб кетган. Экспедиция агентлиги раҳбарининг маълум қилишича, аёл «кучли чарчоқ»дан вафот этган. Унинг аҳволи оғирлашиб қолган эрини шерплар лагерга етказиб олиб борган.
Чўққидаги навбат, афтидан, ўша куни ҳалок бўлган яна бир киши — Дональд Кэшнинг ҳам аҳволига таъсир қилган, деган фикрда унга йўлбошчилик қилган Pioneer Adventure агентлиги раҳбари Пасанг Тенье Шерпа. Америкалик эркак чўққини забт этганидан сўнг дарҳол ҳушини йўқотган. Ўлим сабаби сифатида тоғ касаллиги кўрсатилган. Кэш барча қитъалардаги энг баланд чўққиларни забт этиш учун АҚШнинг Юта штатидаги сотув бўйича менежер лавозимидан бўшаган эди. Альпинистнинг ўғли айтишича, отаси ўлими олдидан унга хабар йўллаган: у ўзи «40 йил ўқиган чўққида турганидан бахтиёр»лигини тан олган.
Эверест чўққисига чиқиш учун 22 май куни юзага келган навбатнинг суратини альпинист Нирмал Пурья ижтимоий тармоқларда эълон қилди. У аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келганини, бироқ ҳеч қачон бунчалик баландда бу қадар кўп одамни учратмаганини таъкидлаган (Пурьянинг ҳисоб-китобига кўра, навбатда 300 дан ортиқ одам бўлган). Pioneer Adventure менежери Нивеш Каркининг фикрича, чўққидаги тиқилинч ҳаво очиқлиги сабаб юзага келган. «Ҳаво булутли бўлган вақтда Эверестга кўтарилиш мумкин эмас. Шу боис, ҳаво яхшиланиши билан, ҳамма чўққига кўтарилишга ҳаракат қилади», — деди у The New York Times’га. Эверестнинг базавий лагеридан маълум қилишларича, 22 май куни чўққидаги навбатда кутиш вақти икки соатдан кам бўлмаган.
https://www.instagram.com/p/BxyzheEj2Hs/?utm_source=ig_embed
Альпинистлар Эверестга Непал тарафдан, баъзан Тибет томондан кўтарилади. Чўққини забт этиш бўйича баҳорги мавсум апрель охирида очилиб, одатда май ойининг охиригача давом этади. Непал бу йилги мавсумни 14 майда очди. 10 кун ичида тоғда етти киши ҳалок бўлди. Тахминларга кўра, Кэш ва Кулкарнидан ташқари, яна камида бир альпинист навбатда узоқ вақт кутиб қолиш оқибатида ўлган бўлиши мумкин.
Эверестда биринчи марта тиқилинч юзага келаётгани йўқ. 2012 йили немис альпинисти Ральф Дужмовиц ўзининг машҳур суратини эълон қилганди — унда 8 минг метрдан баланддаги тоғ ён-бағирларида бир неча юз кишидан иборат «занжир» чўққига кўтарилиш учун ўз навбатини кутиб тургани акс этган. Дужмовицнинг ўзи ўша куни Эверестни забт этиш фикридан қайтган. «Бу навбатлар альпинистларни ўлдиришини англамоқ керак. Навбатда қанча кўп одам бўлса, шунча кам одам ортга қайтади... Бу тоғ туризми эмас, балки соврин ортидан қувиш», — деганди у 2013 йили.
'The Human Snake' taken by Ralf Dujmovits on Lhotse Face, Everest. Infamous pic from last season #busy pic.twitter.com/F0Gx3zgKBH
— Jim Martin (@jimfingerz) April 30, 2013
Ўшандан бери Эверестни забт этиш истагидагилар сони кўпайса кўпайдики, камайгани йўқ — ҳатто чўққини забт этиш рухсатномаси нархи чет элликлар учун камида 10 минг доллар экани ҳам одамларни тўхтата олмаяпти. Непал ўтган баҳорда 347 та шундай рухсатнома берган бўлса, бу йил 381 та рухсатнома тарқатди. 2019 йил апрелида Twitter’даги Everest Today саҳифасида Эверестга кўтарилишдаги энг хавфли жойлардан бири — Кхумбу музлигида альпинистлар навбати юзага келгани акс этган сурат пайдо бўлганди.
This is the scene of Khumbu icefall on April 19, as several climbers were on their way up high camps for the first rotation. https://t.co/EC4O5w22Vf #Everest2019 pic.twitter.com/OWOxT3bqlF
— Everest Today (@EverestToday) April 24, 2019
Изоҳ (0)