Россия президенти Владимир Путиннинг амакиваччаси Игорь Путин Даниянинг энг йирик банкининг Эстония филиали орқали 230 миллиард долларни «ухлатганликда» гумон қилинмоқда. Бу ҳақда «Фокус» хабар берди.
Ушбу гумон ҳақида банкнинг собиқ менежери Говард Уилкинсон CBS’га берган интервьюсида айтиб ўтган.
Унинг сўзларига кўра, банкнинг Эстония бўлимидан ҳар куни 20 миллион долларга яқин пул ўтиб турган. Пуллар гўё Лондонда рўйхатдан ўтган Lantana Trade фирмасининг ҳисобига ўтказилган. Аслида эса бу фирма Британиянинг ҳукумат сайтида фаолият кўрсатмаётган ҳолатдаги фирма сифатида кўрсатилган.
Шубҳали операцияни сезган Уилкинсон буни тўрт нафар юқори даражадаги банк раҳбарларига маълум қилган. Улар бунга ҳеч қандай муносабат билдирмаганидан сўнг, менежер ишдан бўшаб, Британияга кетган.
Муаммолардан бири Россия президенти Владимир Путиннинг қариндошларининг пул ювиш схемасида иштироки эди.
«Тахминимча, бу Владимир Путиннинг амакиваччаси Игорь Путин бўлган. Федерал хавфсизлик хизматига ҳаволалар бўлган. Хавфсизик хизмати, менимча, Давлат хавфсизлик қўмитасининг бир бўлаги бўлса керак. Бу гўё махфий полицияга ўхшайди. Компанияни бошқарувчи одамларнинг Россияда банкрот бўлган бир қанча банклар билан алоқаси бўлган», — дейди Уилкинсон.
Изоҳ (0)