«Коммерсантъ» махсус мухбири Иван Сафронов ва сиёсат бўлими муҳаррир ўринбосари Максим Иванов Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг истеъфоси ҳақидаги мақола сабаб нашрни тарк этади. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.

Фото: Google Images

Журналистларга кўра, ноширлик уйи акциядори Алишер Усмонов шундай қарор қабул қилган. Улар нашрни томонлар келишувига асосан тарк этади.

«Материални тайёрлаш чоғида таҳририят стандартлари бузилгани сабабли журналистлар билан хайрлашдик», — дея таъкидлади «Коммерсантъ» бош директори Владимир Желонкин.

У айнан қандай қоидалар бузилганини ошкор этмади ва акциядорларнинг таҳририят ишига аралашувини изоҳлашдан бош тортди.

Матвиенконинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги материал 17 апрелда чоп этилган, унда спикер президент Путин билан май ойида лавозимдан кетишини муҳокама қилиши билдирилганди.