Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисм офицерлари Яшнобод туманида жойлашган ҳарбий шаҳарчада яшовчи бир гуруҳ кексалар ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ольга Супруненко узоқ йиллардан бери тўшакка михланиб қолган эди. 84 ёшни қоралаган бу аёл асли беларуслик. Отаси ҳарбий учувчи бўлиб, 1945 йил суронларида вафот этган. Кейинчалик Тошкентга кўчиб келган Ольга Супруненко учувчилар ҳарбий қисмларида ишчи сифатида фаолият юритган.
Байрам арафасида ҳарбий қисм жамоаси томонидан унга ногиронлик аравачаси совға қилинди. Энди у бемалол ташқарига чиқиши, одамлар билан суҳбатлашиши мумкин.
Шу куни ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган бир қанча кексалар, кам таъминланган оилалар хонадонларига ҳам ташриф буюрилди. Уларга байрам муносабати билан гуллар, совғалар улашилди.
«Хотира – ёд этиш, қадр – йўқлаш билан гўзал. Иккинчи жаҳон уруши мамлакатимиз учун ҳам катта синов бўлди. Уруш фронтда, фронт ортида, умуман давр кишиларининг ҳаётида кечди. Демак, бугунги кунимизнинг ҳар бир улуғи, фахрийси ҳурматга, рағбатга муносиб», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)