Энди «Турон» театрига давлат муассасаси мақоми берилди. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги «Турон» театр студияси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда эълон қилинди, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Қарорга кўра, «Турон» театри «Турон» ҳарбий театри давлат муассасасига айлантирилди ва театрнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
— миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши асарларини, шунингдек, ўзбек халқининг бой маданиятини, буюк аждодларимиз меросини, урф-одатларимизни, ота-боболаримиз ҳамда замондошларимизнинг юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги жасоратини мадҳ этувчи, халқ ва армия бирлигини, Ватанга муҳаббат ва ҳарбий қасамёдга содиқликни тараннум этувчи бадиий асарларни тарғиб қилиш;— ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавиятини ва уларнинг санъатга бўлган қизиқишларини кучайтириш, ёшларга ўзбек миллий театр санъати тарихи асосларини, театр санъати ёрдамида маданий-маърифий ва ижодий-бадиий соҳаларда эришилган ютуқларни таништириш;— ёшларнинг жодий фаоллигини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, театр санъатига янги усулларни миллий руҳга мослаштирган ҳолда жорий этиш;ўзида ватанпарварлик, инсонийлик ва миллийлик, буюк аждодларимизнинг тарихини акс эттирган спектаклларни намойиш этиш;— турли маданий-маърифий тадбирлар, гастроллар, танловлар, таниқли санъат арбоблари билан учрашувлар ва форумлар, режиссёр ва актёрлар учун маҳорат дарслари ва ўқув тренингларини ташкил этиш, ёшларга жаҳон маданияти ва санъатининг ёрқин намуналарини таништириш орқали уларнинг маънавий ўсишига қўмаклашиш;— давлат ва жамиятда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари обрўсини, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида ҳарбий хизматнинг жозибадорлигини оширишда иштирок этиш;— Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибини Ватанга муҳаббат, конституцион ва ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялашга кўмаклашиш, ҳарбий хизматчиларда юксак маънавий-ахлоқий хусусиятларни шакллантириш ва ривожлантириш;— ҳарбй хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг маънавий эҳтиёжларини қондириш, уларни бадиий ижодга фаол жалб қилиш.
Юксак бадиий савияга эга спектакллари билан аллақачон ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари кўнглидан жой олиб улгурган «Турон» театри бу мақомга жамоанинг тинимсиз изланиши ва меҳнати туфайли сазовор бўлгани айниқса, эътирофга лойиқ. Жамоа бундан буён ҳам ижодий изланишдан тўхтамай энг сара асарларини оммага тақдим қилишига ишончимиз комил. Юқоридаги қарор бу борада уларга ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ (0)