Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси 3 май куни ҳаводан ичимлик сувини ажратиб олувчи қурилма ишлаб чиқаришга ихтисослашган Watergen компанияси вице-президенти Михаил Рутман билан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, Ўзбекистонда Watergen ишлаб чиқариш линиясини очиш имкониятларини муҳокама қилди. Шунингдек, Исроил компанияси агрегатини Ўзбекистоннинг қурғоқчил иқлим шароитида синовдан ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Унга кўра, яқин кунларда Бухоро вилоятида кунига 900 литр ичимлик сувини ишлаб чиқариш имкониятига эга Watergen атмосфера генератори ўрнатилади.
Генератор синов даврини расмий ишга тушириш ҳамда музокаралар олиб бориш учун Михаил Рутман 12—16 май кунлари Ўзбекистонга келади.
Изоҳ (0)