АҚШ Эрон қирғоқларига авиаташувчи ва бомбардимончи самолётларни юбормоқда. Бу ҳақда президент Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон маълум қилди, дея хабар беради «РИА Новости».
Болтонга кўра, Қўшма Штатлар Яқин Шарққа «Авраам Линкольн» авиаташувчиси ва бомбардимончи самолётлар оператив гуруҳини Эрон томонидан кучайиб бораётган «хавотирли аломатлар ва огоҳлантиришлар»га жавобан жўнатмоқда. Бундан кўзланган мақсад Эрон томонига «аниқ ва бехато сигнал» йўллашдан иборат.
«Қўшма Штатлар Эрон тузуми билан урушга интилаётгани йўқ, бироқ Эрон мунтазам қуролли кучлари, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ёки ушбу давлатнинг шериклари томонидан биз ёки иттифоқдошларимизга нисбатан исталган ҳужумни қайтаришга тўлиқ тайёрмиз», — дейилади миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи баёнотида.
Изоҳ (0)