2018 йилнинг апрель ойига нисбатан республика истеъмол секторидаги ўртача нархлар 13,7 фоизга ошди.2019 йилнинг апрель ойида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари ўртача 0,9 фоизга кўтарилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси келтирган маълумотларга таяниб Spot хабар қилади.
Умумий ҳисобда 2019 йилнинг январь апрель ойлари давомида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархлари 5,3 фоизга қимматлашди. 2018 йилнинг апрель ойига нисбатан республика истеъмол секторидаги ўртача нархлар 13,7 фоизга ошди.
Товарлар ой давомида 1,0 фоиз, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,0 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоизга қимматлашди. Хизматлар нархлари эса 0,6 фоизга ошди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари:
2019 йил бошидан ушбу гуруҳ маҳсулотлари нархи ўртача 7,4 фоизга қимматлашди. Йил давомида (2019 йил апрель ойи 2018 йилнинг апрель ойига нисбатан) мазкур гуруҳ маҳсулотлари нархлари 16,0 фоизга кўтарилди.
Озиқ-овқат маҳсулотларидан нархларнинг ўсиши борасидаги етакчилик сўнгги икки ой давомида мева-сабзавот ҳамда сут маҳсулотлари гуруҳига тегишли бўлиб қолмоқда (нархлар мос равишда 2,4 фоиз ва 1,1 фоизга қимматлашган).
Умумий ҳисобда, 2019 йилнинг январь—апрель ойлари давомида нархларнинг ўсиши бўйича етакчи учликни мева-сабзовот (20,5 фоиз), сут маҳсулотлари (9,3 фоиз) ва умумий овқатланиш (8,8 фоиз) нархлари банд этган.
Хизматлар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар:
Жорий йилнинг январь—апрель ойлари давомида ушбу гуруҳ маҳсулотлари нархи 3,9 фоизга қимматлашди. 2018 йилнинг апрель ойига нисбатан ноозиқ-овқат маҳсулотларнинг йиллик нархлар ўсиши 11,1 фоизни ташкил этган.
Апрель ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлар гуруҳларидан бирмунча катта салмоқ вазнга эга бўлганлари орасида нархларнинг асосий қимматлашиши тамаки маҳсулотлари (5,0 фоиз), шахсий гигиена товарлари, мато ва эшилган иплар (2,1 фоиз) гуруҳларида қайд этилган.
Ҳар бир товарлар гуруҳининг салмоқ вазнларини инобатга олган ҳолда нархларнинг ўсиши ва уларнинг умумий ИНИ кўрсаткичига таъсир даражаси бўйича етакчи ўрин кийим-кечак маҳсулотларига тегишли бўлиб, нархларнинг 0,9 фоизга қимматлашиши умумий ИНИ ўсишига 0,6 ф.д.да таъсир этган.
Изоҳ (0)