2019 йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз дипломатик миссиясини якунлаётган Ҳиндистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Винод Кумарни қабул қилди, бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайти хабар қилди.
Учрашувда Ўзбекистон — Ҳиндистон ҳамкорлигининг жорий кун тартиби ҳамда истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Икки мамлакат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти асос бўлган икки томонлама муносабатларнинг юқори даражада эканлиги мамнуният билан таъкидланди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди ўзаро манфаат касб этадиган барча соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган асосий масалаларни муҳокама қилиш учун сўнгги ярим йилда икки марта учрашгани алоҳида қайд этилди.
Мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий сиёсатнинг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Суҳбат якунида Вазир икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама шерикчиликнинг изчил ривожланишида Элчининг шахсий ҳиссасига юқори баҳо берди.
Элчи Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхона раҳбари сифатидаги фаолиятида кўрсатилган барча ёрдамлар учун ўз миннатдорчилигини билдирди.